top of page

Абдулқуддус Мирзаев: «Халқ диний туйғулари туфайли исён қилмайди»

2007 йилнинг 26 сентябрь куни Cаудия Арабистонида юз берган автоҳалокат туфайли машҳур ўзбек диний олими Абдулвали қори Мирзаевнинг рафиқаси Шарифахон Камолова, ўғли Абдулқуддус Мирзаев ҳамда невараси Абдулвадуд Абдулқуддус ўғли вафот этган. Бугун эътиборингизга биз Абдулқуддус Мирзаевнинг сўнгги интервьюни ҳавола этамиз.

Марҳум Абдулқуддус Мирзаев билан уламо Абдували Мирзаев тўғрисида суҳбат ўқувчиларга 90-йилларда минтақада мусулмонларга нисбатан бошланган тазйиқ ва таъқиблар манзарасини ойдинроқ тасаввур қилишга ёрдам беради деган умиддамиз.

Дадангизга Совет даврида ҳам тазйиқлар бўлганми?

Тазйиқлар Совет Иттифоқи даврида ҳам бўлган. Эски даврни эслайдиган бўлсак, 1981 йили дадамнинг ҳамдарс биродари Раҳматуллоҳ Аллома автоҳалокат уюштириб ўлдирилган. Бахтли тасодиф сабабли дадам бу ҳалокатдан қутулиб қолган. 1982 йили эса беш кунга қамалган. Бундан ташқари ўша вақтдаги КГБ идорасига доимий равишда чақиртирилган. Лекин, Совет Иттифоқи атеизм-динсизлик асосига қурилган давлат бўлгани сабабли бу нарса ўша тизимга ярашаверадиган ҳолат эди.
Қандайдир диний фаолият олиб борган, деган айб билан прокурорнинг санкциясига мувофиқ қамоққа олинган. Лекин, бу айблар исботланмагани сабабли, беш кундан кейин узр сўраб, сўнг чиқариб юборишган. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин бу тазйиқлар маълум бир фурсат, бирор йил атрофида тўхтаган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин тазйиқлар қай тарзда давом этди?

1992 йилда Тошкентда Ўзбекистон Ислом Уйғониш партиясининг раиси Абдулла Ўтаев ўғирлангандан бошлаб, дадамга ҳам бевосита тазйиқлар, кузатувлар давом этган.
1993 йили қиш фаслининг тунида биз яшаб турган ҳовли сирли равишда ёқиб юборилган. Уй йигирма дақиқа давомида бутунлай ёниб тугаган. Аллоҳ сақлаб, барча оила аъзоларимиз соғ-саломат қолган, лекин, барча мол-мулк ёниб битган. Сирли равишда ёқиб юборилган дейишимга сабаб, ўша куни бир ёнғин хавфсизлик хизматининг телефони ишламаган, бундан ташқари, ўша пайтда гўё ўт ўчирувчиларнинг махсус топшириқлари бўлиб, ўз вақтида етиб келмаганлар.


1995 йилнинг 29 августига қадар вазифасидан кечиб, уйдан ҳеч қаёққа чиқмай, ўзини эҳтиёт қилиш ҳақида дадамга турли жойлардан, ҳам дўстлар, ҳам душманлар томонидан бевосита ва билвосита огоҳлантиришлар бўлган. 29 август куни Тошкент шаҳар марказий аэропортидан ўғирлаб, сирли равишда олиб кетишган. Ўғирлаб деб айтишга етарли асосимиз бор, бу шунчаки аламзадалик устида айтилаётган гап эмас. Ўзбекистон ҳукумати шу кунга қадар бу мудҳиш жиноятга алоқадорлигини инкор қилиб келади. Ўзбекистон ҳукуматининг бу ишга алоқадор эканига бизнинг етарли асосларимиз бор. Чунки Абдували қорини кимлар олиб кетгани, Миллий Хавфсизлик Хизматининг (МХХ) қайси бўлими бу ишга бошчилик қилгани, бу амалиётни шахсан ким бошқаргани, қандай русумдаги машиналарда олиб кетилгани, дастлабки ушлаб турилган жойлар, дастлабки тергов мазмунлари, дастлабки тергов қилган шахслар ҳақида тўла, ишончли маълумотларга эгамиз.

Яъни, Сиз дадангизнинг ўғирланиш тафсилотларини биласиз, шундайми?

Абдували қори Андижон аэропортидан Тошкентга 155-йўналиш билан учиб боради. Тошкентдан Москва йўналиши бўйича учмоқчи бўлган. Барча текширув рўйхатларидан ва ниҳоят паспорт текшируви – охирги текширувдан ўтиб, самолёт трапи олдига келганда, МХХ ходимлари томонидан яна қўшимча текширув учун олиб кетилган ва шу билан қайтиб чиқмаган.


Абдували қори 1995 йили, 29 август куни Тошкент шаҳар марказий аэропортида Москвага кетаётган, у ерда халқаро анжуманда иштирок этиб, нутқ сўзлаши керак бўлган. Бу нарса анжуман кун тартибига киритилган эди. Москвадаги анжуман тугагандан кейин, Европа мамлакатларининг бирида бутун Европа мусулмонлари қандайдир бир диний анжуман ўтказиш қарорига келишишган ва бу анжуманга ҳам у кишини таклиф қилишган. Москва анжуманидан кейин Абдували қори у ерга бориш-бормасликни ҳал қилмоқчи эди.
Мен дадам ўғирланган вақтда Москвада бўлганман. Москвадан Лондонга бориш керак эди. Мен Москвага боргандан кейин бирга Лондонга бориш учун ҳатто маърузаларни тайёрлаб турган эдим. Дадамнинг Москвага келмаганидан хавотирландим. Уйга телефон қилсам, аям “икки кун илгари кетган”, деди. Ҳолбуки, анжуман тугади. Икки кун илгари кетган деяпти аям, аэропортда кутиб олгани чиққан одамлар бўлган. Улар рейсни охиригача кутиб, кейин “ичкарида ушланиб қолмадимикан” деб танишларни киритиб чиқарган. Расмларини кўрсатишганда стюардессалар ҳам самолётга бундай одам чиқмаган деб, айтишган. Андижондан самолётда бирга учиб келган бир одам ўзини четга олиб, Москвага учиб бориб қайтиб келган. Бизга ўша одам дадам Тошкентда олиб қолинганини айтган.


Мен дадамни излаш учун десам хато бўлади, озод қилиш учун Ўзбекистон республикаси президенти ва бош вазирдан бошқа барча амалдорлар, ИИВ, МХХ раҳбарлари, республика бош прокурори билан учрашдим. Улар билан бўлган суҳбатдан шуни тушундимки, бу масала уларга боғлиқ эмас. Бу ишни ҳал қилиш уларнинг қўлида эмаслигини менга қандайдир маънода билдиришди. Яъни бу масала Ўзбекистон республикаси президентига қадалиб бориши, у 1992 йилдаги Наманган воқеасидан ўта таъсирланганини билдирдилар. Албатта, бош вазир билан учрашишга ҳаракат қилмадим, чунки Ўзбекистонда бош вазир фақат иқтисодий масалалар билан шуғулланади, унинг ваколатлари қисқа бўлгани учун учрашишга ҳаракат қилмадим.


Ҳозир шу ишга алоқадор одамлар, уларнинг ичида ҳам виждони қийналадиган ёки пул учун ишлайдиган одамлар бор, бизга шу кунга қадар дадамиз қандай ҳолатда эканини, жуда аниқ айтилмаса-да қайси жойларда сақланаётгани, хусусан тергов мазмуни, тергов қилган шахслар ҳақида маълумот етказиб туришади. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир Абдували қори Ўзбекистонда, Тошкент вилоятида сақланяпти. Соғлиғи ёмонлашиб, бундан 4-5 йил муқаддам хасталанган. Ҳарбий шифокорлар қараб, соғлиғи тикланган.


Аммо Ўзбекистон ҳукумати Абдували қорининг турмада сақланаётганини қандайдир тарзда изоҳладими? Чунки ҳукумат бу ишга алоқадорлигини доим рад қилиб келган.
Шундан кейин, яъни 1995 йилдан 1999 йилга қадар Абдували қори Мирзаевга нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан бедарак йўқолган шахс сифатида қидирув эълон қилинган. Аммо, бирор марта бирорта оммавий ахборот воситасида суратини кўрсатиб, бедарак йўқолгани ҳақида эълон қилинган эмас. Балки бунга МХХ тўла қаршилик қилиб келган. 1999 йилда 16 февраль воқеалари, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 16 февраль томошалари қўйилгандан кейин, Абдували қори Мирзаевга нисбатан Ўзбекистонда ўта хавфли жиноятчи сифатида қидирув эълон қилинган. Қизиқки, салкам уч йил мобайнида бедарак йўқолган одам сифатида қидирилиб, уч йилдан кейин 16 февраль куни қўйилган томошага алоқадор деб топилиб, хавфли жиноятчи сифатида қидирувга берилган. Бу биринчи томони, иккинчи томони эса шундай қидирув эълон қилингандан кейин Ўзбекистоннинг турли бурчакларида, аэропортлар, чегара ўринларида қуролланган хавфли рецидивист, жиноятчи деб, расмлари ёпиштирилиб қўйилган. Биз илгари шу нарсани бедарак йўқолган одам сифатида ёпиштиришни талаб қилганимизда расмийлар унашмаган эди. Кейин қарабсизки, ўзларига керак бўлганда бу ишни қилишди. Ўзбекистон қонунларига кўра, худди жаҳон қонунларидаги каби жиноятчининг айбини то суд исботлаб, қарор чиқармагунга қадар жиноятчи дейиш мумкин эмас. Лекин, Абдували қори Мирзаев ҳали суд қилинмасдан туриб жиноятчи, хавфли рецидивист, “ваҳҳобий”лик оқимининг асосчиси ва ҳоказо айблар билан айбланмоқда.

Сиз дадангизни озод қилиш учун йиллар давомида ҳаракат қилганингизни айтдингиз. Расмийларнинг бунга муносабати қандай бўлди?

Табиийки, Абдували қори Мирзаевнинг бутун оила аъзолари ҳам жиноятчининг оиласи сифатида мана салкам ўн бир йил давомида Ўзбекистон ҳукуматининг МХХ, ИИВ, прокуратура каби ташкилотлари томонидан аёвсиз ва тинимсиз равишда тазйиқларга учраб келган ва бу тазйиқлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Биз бу нарсаларнинг тафсилотини айтсак, узоқ гапиришга тўғри келади. Энг аҳамиятли ва мен урғу беришим керак бўлган томони шуки, маълум бир диндор оилаларга маҳаллий идоралар томонидан тазйиқлар бўлган бўлса, бизнинг оиламиз ҳам маҳаллий, ҳам марказий ҳукумат томонидан умумий тазйиққа учраб келган.


Дастлаб, Ўзбекистон ҳукумати биздан бу нарсани сиёсийлаштирмасликни сўради. Биз албатта, аввалда айтганимдек, оз бўлсада сиёсий билим олганимиз учун аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бедарак йўқолганлар билан шуғулланиш бўлимига мурожаат қилдик, кейин Европа мамлакатларидан Англия, Германия, Америка элчихоналари билан мустаҳкам алоқа ўрнатдик. Халқаро инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи “Хьюман Райтс Вотч”, Россиядаги “Мемориал” каби ташкилотлар билан алоқа ўрнатиб, бу ишга сиёсий тус ҳам бердик ва бу оддий бир кишининг йўқолиб қолишига ўхшаш эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бу нарса Ўзбекистоннинг тобора тўкилиб бораётган ҳурматини яна яхшигина тўкди.
Амалдорлар бизни бошида яхшилик билан бу нарсаларни қилмасликка, дадамизнинг орқасидан ҳар хил чиқишлар қилмасликка чақирди. Биз бунга қулоқ солмаганимиздан кейин бизнинг оиламизга, шахсан менга, асосан қариндошларимизга тазйиқлар бошланди. Деярли ўн йил мобайнида бизни чақирмаган ходим, чақирмаган ташкилот қолмади. Қайсидир бир раҳбар янгиланса, биринчи бўлиб биз билан суҳбат қурди. Қандай воқеа бўлишидан қатъий назар бизни шунга боғлашга ҳаракат қилди. 1999 йил, 2002 йил, 2003 йил портлашларига ҳам дадамизни алоқадор қилишга ҳаракат қилдилар. Ўнлаб марта уйларимиз тинтув қилинди.

Расмийларнинг “Абдували қори “ваҳҳобийлик”ни тарғиб қилган” деган иддаоларида қанчалик жон бор?

Абдували қори аслида ким ўзи? Бу одам Ўрта Осиё ёки Андижон, Ўзбекистондагина эмас, балки бутун дунёда, Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлган, буни дўсти ҳам, душмани ҳам тан олишга мажбур инсон.


Иккинчи томони, Абдували қори диний, Исломий йўналишда қайси йўлда бўлган? Ўзи ошкор эълон қилган – “Мен Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодининг Ҳанафий мазҳаби йўналишидаман” деб. Бу одамни кўпчилик, ҳукуматнинг таъбири билан айтганда, “ваҳҳобийларнинг отаси” деб билади. Нима учун бу кишига бундай ном қўйилган?

 

Энг катта сабаблардан бири, Абдували қори ўзининг диний фаолиятини олиб борган вақтда ҳеч кимга умуман диндан тирикчилик мақсадида фойдаланишга йўл бермаган. Ҳукумат идораларига, ҳукумат ходимларига диндан ўз ёвуз сиёсатларини оқлаш мақсадида фойдаланишга йўл бермаган. Мисол учун, бошқа масжидлардаги каби, Ўзбекистон ҳукуматининг олиб бораётган сиёсати, президент фармонларининг ҳаётга аҳамиятлилиги ҳақида бўлган маърузалар масжидда ўқилишига йўл қўймаган. “Бизнинг давлатимизда дин давлатдан ажратилган. Демак, давлат сиёсатини масжидга киритмаслик бизнинг ҳаққимиз. Бу ерда фақат Аллоҳнинг сиёсати, Аллоҳнинг сўзи айтилади, дунёвий сиёсат ҳақида гап юритилмайди”, деб йўл қўймаган. Табиийки, бу нарса давлат арбобларига ёқмаган, чунки улар ўзларининг нуфузларини Андижон жомеъ масжидида тиклаш ҳаракатида жуда кўп уринишган, аммо, бунга ўзларининг қонунларидан жавоб олишган.


Абдували қорининг диндан тирикчилик мақсадида фойдаланишга йўл бермагани замондош имомларга ҳам ёқмаган. Чунки, жаноза ўқиганда пул олмаслиги, никоҳ ўқигани учун пул олмаслиги, бу нарсалар Исломда холис қилинадиган амаллар эканини тушуна бошлагандан кейин одамларнинг кўз ўнгида дин уламолари ҳам иккига бўлина бошлаган. Уламолар диний қарашларда содиқ турган ва диний қарашларни пуллайдиган тоифага бўлинган. Мана шу иккинчи тоифага мансуб – диндан тирикчилик сифатида фойдаланадиган “имомлар” Абдували қорига “ваҳҳобий” тамғасини босишган.


Андижондаги Абдували қорининг имом бўлган жомеъ масжиди ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу масжид 1989 йилдан 1995 йилнинг охирги ой кунига қадар фаолият олиб борди. Шу вақт мобайнида жуда кўп хулқий-ахлоқий жиҳатдан бузуқ кишилар бу масжидда тарбият топди. Одамларнинг ҳаққини ўғирлаб, ўғирлик билан кун кўрган, безори бўлган, киссовур, ҳар хил ўтмиши қоронғу кимсалар шу масжидга келиб, бу ерда шариатни, Ислом динини, Аллоҳнинг сўзини, пайғамбарнинг ҳадисларини эшитиб, ўрганиб, таъсирланиб, Ҳақ йўлига кирган. Масжид фаолияти даврида жамият ичида хулқий-ахлоқий, маънавий ислоҳот олиб борилган. Буни ҳар қандай инсофли одам тасдиқлайди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошев ўз чиқишларида Абдували қори, Обидхон қориларни устозлари сифатида таърифлаган. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Абдували қорини кимдир устоз деб айтса, бунга Абдували қори жавобгар эмас. Чунки, бир одам ўзидан кўра динда пешқадам илмли кишини устоз деб айтиши албатта, шу одам уни ўқитганни билдирмайди. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳнамолари, маълум бир аъзолари ўша масжидда ибодат қилган бўлиши мумкин. Иккинчидан, устоз шогирдлар учун жавобгар эмас. Учинчидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 1995 йилга қадар қаерлардадир фаолият юритган бўлсада, унгача Ўзбекистонга нисбатан очиқ-ошкора ўзининг ҳужумкор сиёсатини қаратган эмас. Чунки, бунга Абдували қорига ўхшаган етук олимлар йўл бермаган. Абдували қори имомлик қилиб юрган вақтида масжидда рўй берган ишларга, масжидда айтилган сўзларга албатта, ўзи жавоб беради. Лекин, у кишидан кейин бўлган ҳаракатлар, сўзларга у киши жавобгар эмас. Шу жумладан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ҳам. Лекин, кимдир қаердадир у кишини “бизнинг устозимиз” деб гапирса, буни ҳурмат нуқтаи назаридан деб тушуниш керак.

Дадангиз Тоҳир Йўлдош билан шахсан таниш бўлганми, учрашганми?

Абдували қори Тоҳир Йўлдош билан таниш бўлиши мумкин. Сабаби, 1991 йилнинг декабрь ойида Наманган шаҳрида Ўзбекистон республикаси президенти ўта ноқулай шароитга тушиб, ўша даврдаги “Адолат” халқ ҳаракати томонидан эгаллаб олинган бино ичида халқ қуршовида қолганда, айнан Абдували қори бориб халқни тинчитган. Бу хатти-ҳаракатлар Исломга тўла мувофиқ эмаслигини, Исломий манфаатларга путур етказишини тушунтириб, ўша машҳур Тоҳир Йўлдошга ҳам бу нарсани уқтириб, президентни тинчлик билан ажратиб олиб чиққан. Олдинда президентлик сайловлари кутилаётган эди.


Бу воқеага собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф келган. Дадамдан бошқа ҳамма келиб, тинчита олмаган. Дадам машинада келиб, бир хонадонга тушганда у ерда Исмоил Жўрабеков, Зокир Алматов, ўша вақтдаги МХХ бошлиғи Алиев каби ўттизтача давлат арбоблари бўлган. У ерга Тоҳир ҳам ўнтача одам билан келган. Дадам кириб Тоҳирга, “сиз бу ишни кимдан рухсат олиб, кимнинг рухсати билан бошладингиз?”, деб сўраганда Тоҳир индамаган. “Бу қилаётган ишингиз шариатга, мусулмонларга зиён иш, тезда тарқалинглар” деган. Алматов ва Жўрабековдан “шу ишда иштирок этган бирорта одам жиноий жавобгарликка тортилмайди” мазмунида ёзма тилхат ёздириб олган.
Шундан кейин Тоҳир Йўлдош чиқиб, “бу қилган ишимиз олимларимиз билан бемаслаҳат бўлган экан, бу ишни тўхтатамиз” деб айтган. Бунга неча кунлаб овора бўлишган, Тоҳир ҳеч кимнинг гапини олмаган. Шунда президент Ислом Каримов “нима учун бу одам битта гапи билан тарқатиб юборди, эртага нимага битта сўзи билан чақиролмайди?” дея ўзи учун хулоса чиқариб олган.


Аслида манбалар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон раҳбарияти Абдували қорининг келишини илтимос қилган. Аммо Абдували қори ҳукумат илтимосига биноан эмас, балки, халқ манфаати учун, яъни бормаса, ноҳақ қон тўкилиши, одамлар қурбон бўлишининг олдини олиш диний манфаатларни кўзлаб борган. Бу Абдували қорининг халқ ўртасидаги обрўсидан, иккинчидан, тинчликпарвар инсон сифатида фаолият юритганидан далолатдир.
Шунга ўхшаш жойларда Тоҳир Йўлдош билан юзма-юз кўришган бўлиши мумкин. Бу фақат Ўзбекистон давлати ҳудуди ичида бўлган бўлиши мумкин. Чунки, у киши имом, ҳамма ўзининг дарди, талаби, истагини айтиб келадиган киши бўлган. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва бошқа ҳаракатларга Абдували қорининг алоқаси бўлган эмас. У нафақат Тоҳир Йўлдошни, айтиб ўтганимиздек, давлат ходимларини, расмий имомлардан тортиб оддий халқни, умуман ҳаммани қабул қилган.

Минтақада ўтган 15 йил давомида турли диний гуруҳларга нисбатан расмийлар юритган таъқиб ва тазйиқлар гўё авж олаётган диний экстремизмни жиловлашда кутилган самарани бермади. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

Ўзбекистон ҳукумати Абдували қорини ўғирлаб кетгандан кейин Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига рақобат қила оладиган куч қолмади. Шундан кейин Ўзбекистонда нафақат Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, балки, “Ҳизб-ут-Таҳрир”, “Акромия” ва ҳ. к. оқимлар кескин суръатда ривожлана бошлади. Мисол учун, одамлар “Ҳизб-ут-Таҳрир” ташвиқот қилса келиб, Абдували қоридан сўраган – “бизни фалон оқим даъват қиляпти, қандай муносабат билдиришимиз керак?” деб. У киши “бу оқим мана бундай оқим, унинг тўғри томонлари мана бу, мана бу томонлари эса нотўғри, демак бизга тўғри келмайди”, деб жавоб бера олган ва энг муҳими халқ бу жавобдан қониққан. Ҳозир ҳам Ўзбекистон расмий имомлари “Ҳизб-ут-Таҳрир” ҳақида ёки бошқа оқимлар ҳақида фикрларни баён қилади. Аммо, уларни халқ қабул қилмайди, чунки улар халқ ўртасида шуҳратга эга бўлмаган одамлардир. Шу нуқтаи назардан у кишини бундай ҳаракатларга алоқадор дейиш нафақат ақлан, мантиқан нотўғри, чунки, бу ҳаракатлар ривожи бу кишидан кейин бошланди. Бу кишини йўқотиш оқибатида бошланди, десак тўғрироқ бўлади.


Аслида Абдували қорига ўхшаган, халқ орасида ўзининг сўзига эга бўлган машҳур кишилар бундай нотўғри оқим ва ҳаракатларининг ривожланишига йўл бермаган эди. У киши ўғирлангандан кейин, умумий Исломий тўғри таълимот йўқотилгандан кейин, одамларнинг динда адашиши бошланди. Давлатнинг ўзи шундай бўлишини хоҳлаган ва буни ўзи уюштирган.


Ўзбекистон ҳукумати учун шундай ҳаракат ва оқимлар керак эди аслида. Ўзининг ёвуз сиёсатини Ғарб давлатлари олдида оқлаш учун шундай ҳаракатларни пайдо қилиш керак эди. Чунки, Ғарбдан бўлаётган танқидларнинг оқлаш учун, “бизда мана бундай ҳаракатлар пайдо бўлган, буларга агар мен тегмасам, булар кейинчалик Европага ҳам кириб боради, чегара бу ер, мен билан тўхтамайди, сизларга ҳам боради”, деган фикрни кўндаланг қилиб қўйиш учун керак эди. Аввал буни пайдо қилиш учун Абдували қорига ўхшаган шахслар, уларнинг халқ орасидаги обрўлари йўл бермаган.

90-йилларда Исломий олимлар минтақада оммани сафарбар қилиш салоҳиятига эга бўлган. Уламоларда ҳозир ҳам бу салоҳият борми?

Ҳозир Ўзбекистонда халқни кўчага олиб чиқадиган омил бу – иқтисодий ҳолат. Ўзбекистондаги иқтисодий ҳолатни инсон фараз қила олмайди. Одамлар Африка мамлакатлари, қашшоқ мамлакатлардаги вазиятни бевосита оммавий ахборот воситаларида кўрсатилгани учун фараз қилиши мумкин. Лекин, Ўзбекистондаги баъзи ҳолатлар Африканинг ночор давлатларидан қолишмайди. Бу халқни кўчага бошлаб чиқиши мумкин бўлган биринчи омил. Иккинчи омил, ҳозирги Ўзбекистонда ўта чегарадан чиқиб кетган раҳбариятнинг зулми.
Чунки, ҳар қайси жойда маҳаллий раҳбар ўзини хондек сезади.

 

Бу нарса халқни етарли даражада аламга тўлдириб борди. Диний омилга келадиган бўлсак, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ичида халқни оёққа турғаза оладиган шахс, менинг назаримда йўқ. Балки бир вақтлар, қачондир бўлгандир. Лекин, ўша бўлган кишилар, мисол учун, Абдували қорига ўхшаган одамлар бу нарсани қилиши мумкин бўлганда ҳам қилмаган. Балки, бунинг аксини, халқни тарқатиш, тинчлантиришга харакат қилган. Шунинг учун халқни диний туйғулар кўтариб чиқмайди. Диний пешво бўлса, бўлиши мумкин. Лекин, унга ҳали етиб бориш керак. Диндан бошқа иқтисодий, сиёсий омиллар бартараф бўлса, балки диний сафарбарлик бошланиши мумкин.

 

Алишер Соипов  суҳбатлашди.

2007 йил сентябр

(Алишер Соипов ҳам бу мақолани чоп этганидан бир ой ўтмасдан,  2007 йил 24 октябрда қотиллар отган ўқдан   вафот этди. Ҳалигача унинг қотиллари топилмади. Саҳвий)

Мақолага муносабат - Саҳвий 2012 йил
00:00 / 00:00

Энг бахтли киши ким?

Бу ерда бир киши сўрабди. Сиздан энг бахтли киши ким? деб сўраса, нима деб, жавоб берардингиз? дебди. Мен энг бахтли одам ким, деса, шундай жавоб берардимки, биринчи тавҳидни билиб, Исломни билиб, ҳеч қандай маломатчининг маломатидан қўрқмай, шу билганига амал қилган одам деб, жавоб берардим. Инсон ҳақиқатда бахтлики, ўзининг фикри билан ҳаётда яшай олса. Ҳозирги ҳаётдаги кўп кишиларнинг қийналётганлиги, иқтисодий томондан эмас, шу бир нарсани ҳақ деб, туриб, шуни қилолмаётганидан қийналади. Агар одам ҳақни билса ва амал қила олса, ўзининг наздидагина ҳақ бўлмаса, Аллоҳ наздида ҳақ бўлса, шунга амал қилаётган бўлса, агар унинг бошида қилич ўйнатиб, чопишга тайёр бўлиб турган бўлса ҳам, парво қилмайди. Чунки, агар шаҳид бўлсам, Аллоҳу Субҳонаҳу ва таолонинг олдида, энг юқори даражани оламан, деган, ўзининг фикрига мувофиқ, иш қилаётган бўлади. Ҳар бир нарсанинг бахтлиси бўлади. Биринчи туғилишни бахтлиси бўлади. Мусулмон оилада туғилиш. Бу сизни ихтиёрингиздаги нарсамас. Гўдаклик даврининг бахтлиси шуки, Исломга мувофиқ яшаса. Йигитлик даврининг бахтлиси шуки, Исломни ўрганишга ижтиҳодлик бўлса, давлат топишликни бахтлиси бўладики, Аллоҳу Субҳонаҳу ва таоло буюрган жойга, давлатини сарф қилса, камбағалликни бахтлиси шуки, Аллоҳ берган нарсага қаноат қила олса, Аллоҳ берган аъзоларни Ўзининг йўлига сарф қила олишлик, бу саломатликнинг саодатидир. Ўлмасликни иложи йўқ, ўламиз. Ўлишни бахтлиси, бу шаҳид бўлиб ўлишликдир. Инсоннинг бахтлиси, Исломий шуурга эга бўлсаю, шу фикрда яшай олса?!

Мана Умар Хайёмнинг ёзганига қаранг! Дод фарёд қилиб ёзган. Исломий қарашга эга бўлмаган Умар Хайём! Биз Умар Хайёмдан олмaймиз, бу ислом йўлини. Кўп одамлар, Умар Хайём бунақа деган, дейди. Бизга Умар Хайём ҳужжатмас. Бизга Навоий ҳужжатмас! Бундан мурод, Навоий ёмон одам, ё Умар Хайём, ёмон одам, деганимас. Бизга ҳужжат китобу суннат, қуръон ва ҳадисдир. Шунга мувофиқ бўлган одам, тўғри гапирган бўлади. Унда ҳам, унинг гапи бўлгани эмас, шунга мувофиқ бўлган учун, тўғри дейилади. Одамлар ҳамма одамни, катта одам дейди, йўл қилиб берган одам дейди, шунинг учун азоб чекади. Бу нарсалар ҳам, баъзи одамларнинг фикрини қийнайди. Бу Умар Хайёмдан, динсизлар одамларнинг фикрини чулғашлик учун, фойдаланган. Ислом манақа деб?!

Ислом бунақа эмас! Бу нотўғри фикрларини ўзларига ёпиштиришсин! Ислом бизга қуръон ва саҳиҳ ҳадислар! Мана шу ерда келган йўлни биз, ҳақ ва маъсум йўл, деймиз. Хатодан сақланган йўл, деймиз. Чунки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаводан гапирмаганлар. Бахтли одам, бойми камбағалми, хуллас. Умумий бахтлилик шуки, бой бўлса ҳам мусулмон бўлса, камбағал бўлса ҳам мусулмон бўлса, эркак бўлса ҳам, мусулмон бўлса, аёл бўлса ҳам, муслима бўлса, бола бўлса ҳам, мусулмон бўлса, қари бўлса ҳам мусулмон бўлса, Исломга мувофиқ ҳаёт кечира олса, ўзининг ҳаётида исломга мувофиқ яшай олган одам, бахтли одамдир! У одам қариган вақтида, аттанг қилмайди. Яна ҳаёти такрорланса, худди шундай, ҳаёт кечирган бўларди. Саҳобалар, худди шундай, бахтли одамлар бўлишган эди. Улар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида, бўлишганлар. Нимага буюрса, шуни қабул қилишганлар.

Бахтли жамият қайси?

Лекин, жамиятнинг бахтлиси ким? Жамиятнинг битта раҳбари бўлса. У ҳавои нафсига чақирмаса, фақат Аллоҳнинг йўлига чақирса, одамлар ундан хотиржам бўлишса, бу одам ҳақ йўлга чақиради деб, буюрган нарсасини қилаверса. Ўлса шаҳид бўлиб кетадиган йўл бўлса, яшаса, ниҳоятда ажр билан яшаса, молини сарфлаб, жаннатни сотиб олса, камбағал бўлса, сабр қилса, молим йўқ, ўрнига дуо қилиб, ёрдам берай деса, мана шу жамият ҳам бахтлидир, биродарлар!

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг атрофидаги кишилар, ҳақиқатда бахтли бўлишган. Чунки, у киши ҳеч қачон, ҳавосига (яъни, шахсий фикрига) буюрмаслигини билишганларда, нимага буюрса, ўйламасдан қилишганлар. Чунки, билишганларки, бу йўл, албатта жаннатга олиб боради, деб, билишганлар. Мана бу ҳақиқатда бахтли жамиятдир. Улар ўлиб кетганларини ҳам, бахтли дейишганлар. Яшаётганларини ҳам, бахтли дейишганлар. Улар молу давлатларини, Ислом йўлига тиккан вақтларида, бахтлимиз деб, эътиқод қилишган. Кейинги хулафолар вақтида ҳам, шундай бўлди. Бахтли жамият, ҳақиқий Ислом йўлига чақирадиган, пешвоси бўлган жамиятдир!

Бахтли аёл ким?

Аёлларнинг бахтлиси шуки, турмуш ўртоғи Исломга мувофиқ яшайдиган бўлса, у доим тўғри йўлга чақирса, нотўғри нарсадан огоҳлантирадиган ўзининг турмуш ўртоғи бўлса. Саҳарда таҳажжудга уйғотадиган, ўзининг турмуш ўртоғи бўлса, бу аёл ҳақиқатдан ҳам бахтлидир!

Эр кишиларнинг аёлга нисбатан бахтлиси, кўчага чиқиб кетаётганда огоҳлантирса аёли, Аллоҳдан қўрқинг, бизнинг ҳаққимизда, хонадонга фақат, Ҳалолу тоййибни кўтариб келинг! Биз дарвозани ичига кирган нарсани, еяверамиз. Жавобини, сиз берасиз. Биз сизга уни олиб келинг. Буни олиб келинг, демаймиз. Ҳалолу тоййибни кўтариб келинг! дейдиган оиласи бўлса, бу эр киши ҳам, шундай аёли борлигидан бахтлидир! Ҳамма соҳада ўзининг бир бахтли, кишиси бор!

Бахтли ота ким?

Оталарнинг бахтлиси, Аллоҳнинг буйруғини қиладиган ва Аллоҳнинг қайтарганидан қайтадиган, фарзанди бўлса, отаси адашган вақтда, дадажон бу хато бу! Бу ишингиз исломга зид бу, деб, уни огоҳлантирадиган фарзанди бўлса, бу ота ҳам, шундай фарзанди борлигидан бахтлидир! Агар фарзанди отасининг хатосини айтганда, бу ота, мендан вужудга келиб, мендан юқори даражага чиқиб, мени хатоимни айтадиган фарзандни менга берган, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! деса, бу фарзанд ҳам, шундай отаси борлигидан фахрланса, бахтлиман деса, арзийди, мана! Оилада жанг бўлмайди. Мақсадлари Ислом бўлса, Ислом нима деса, ҳақ деб, қабул қилинадиган бўлса, у ерда гўдаклар ҳам, ҳуқуқи тенг бўлсаю, ҳаммаси бир Ислом йўлига, йўлланадиган бўлса, бу оила бахтликдир! Бу оила ўзи ерда яшаётган билан, ҳақиқатда, дунёнинг жаннатида яшаётган оиладир!

Дўстлар ва устозларнинг бахтлиси ким?

Ёру биродарларга нисбатан бахтлилик шуки, сиз ноҳақ бўлсангиз, сизни тўғри йўлга чақирадиган ва сизни орқадан ғийбат қилмайдиган ва туҳмат қилмайдиган бўлса, бахлидир шу. Устозларнинг бахтлиси шуки, яхши солиҳ ва солиҳа шогирдлари бўлса, уларни тўғри йўлга чақирса, қабул қиладиган бўлса, бу устоз ҳам бахтлидир! Шогирдлари устозини хатоларидан огоҳлантирса, бундай шогирдлари бор устозлар ҳам, бахтлидир! Хуллас, Ислом фикри билан, яшаган жамият, бахтлик жамиятдир!

........................

Абдували қорининг Душанба дарсларининг 37 дарсидан иқтибос

indir-2.jpg

Абдували қорининг ўғли Абдулқуддус Мирзаев Саудия Арабистонида диний мактабни битиргач, Москва Давлат Халқаро алоқалар институтида ўқиган. Марҳум билан унинг ўлимидан аввалроқ бўлган суҳбатда, у дадаси – Абдували қори Мирзаев фарзандининг дипломат бўлишини орзу қилганини айтган эди. Абдували қори ўғирлаб кетилгандан уч йил ўтиб, 1998 йили Абдулқуддус Мирзаев уйланган.  Ҳозир марҳумнинг ортидан уч нафар фарзанд қолди (автоҳалокатда ҳалок бўлган ўғли Абдувадуд тўнғич фарзанд эди). Абдулқуддус оилада якка ўғил бўлган, олтита синглиси бор. Абдулқуддус Мирзаев Москвадан қайтгандан кейин йиллар мобайнида расмийлар кузатувида бўлган.

2005 йилнинг 13 май куни юз берган Андижон воқеаларидан кейин уни ҳам қамашга ҳаракат бўлиб, бир ярим суткадан ошиқроқ муддат Андижон турмасида сақланган. Шундан кейин у Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва Умра сафарига қадар қўшни Қирғизистонда БМТ мандати асосида қочқин ўлароқ яшаётган эди. Ташқарига чиққандан кейин ҳам Абдулқуддусга нисбатан “ов” тўхтагани йўқ. Унинг Андижонда қолган оиласи тинимсиз махсус идораларга чақиртирилиб, тергов қилинмоқда. Машҳур олимнинг ўғлини Ўзбекистонга қайтариш учун махсус гуруҳ тузилиб, бу ишга сафарбар қилинган. Айни пайтда Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан Абдулқуддус билан алоқада бўлган кишиларни аниқлаш амалиётлари давом этмоқда.

 

Абдували Мирзаев тўғрисида қисқача маълумот: У 1950 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Диний илмни асли қўқонлик, Тожикистонда яшаган Муҳаммаджон домла Ҳиндистонийдан олган. Ошкоралик даври бошланган 1989 йилда Андижонда қайтадан иш бошлаган жомеъ масжидида имом хатиб бўлиб, ваъз ўқий бошлаган. Абдували қори 1995 йилнинг 29 август куни Тошкент аэропортидан Москвага учиш арафасида йўқолган. Яқинлари унинг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлангани ва авахтага ташланганини таъкидлайдилар. Ўзбек расмийлари эса, Абдували қори Мирзаевнинг йўқолишига алоқалари борлигини рад этадилар. Абдували қори Мирзаевнинг дом-дараксиз йўқолганига шу йилнинг 29 август куни 17 йил бўлди.  Айни пайтда машҳур уламонинг қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

ИАКни қўрқитган авторитет - Озодлик радиоси
00:00 / 00:00
Абдували қори ким эди? - Саҳвий
00:00 / 00:00
Рамазон Маткаримов - Саҳвий
00:00 / 00:00

Абдували қори Мирзаев дарсидан иқтибос:

«Оминни махфий айтасан» дейдиган, «бунақа дейдиган», мана шунақа таъқиқлар қўядиган пайтда нима қилайлик? деган саволлар бор.

Сабр қилинглар биродарлар! Оминни жаҳрий айтинг деб, биз бировни мажбур қилиб, ё айтганимиз йўқ биродарлар. Лекин, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтган.

Уришса, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан уришсин!

Биз билан уришишмасин улар. Суннатларни ва ҳадисларни бизга ривоят қилиб берган одамлар билан уришсин! Имоми Бухорий билан уришсин! Имоми Муслимлар билан уришсин! Биз бу ҳадисларда баён қилинган нарса, илм, омонат биродарлар. Буни баён қилишмасак, Аллоҳу таоло эртага, ўтдан бўлган жуганни озғига солади.

Шунинг учун уришадиган кишилар бошқа, Муҳаммад алайҳиссалом билан уришсин улар! Мана имоми Бухорий бутун ҳадисларни ривоят қилган зотлар билан уришсин! Улар бутун Исломнинг катта пешволарига қарши бўлишган одамлардир.

Аудиофайлдан оққа кўчирилди.

Бизнинг йўлимиз

Бизнинг йўлимиз даъват қилиш. Ҳаққа чақириш. Бизнинг ишимиз одамларга зўравонлик қилишлик эмас. Масжидимиз олдида бўлаётган нарсаларга биз жавоб бермаймиз, биродарлар. Вақф китобини сотаётганлар бўлса, ўзлари жавоб беради қиёматда. Вақф китобини сотиш мумкинмас деб, айтишлик, бизга кифоя қилади. Бизнинг кучимиз бўлганида, уларнинг жазосини бериб қўйган бўлардик. Кучи бор одамларнинг, бу сотувчилар билан иши йўқ. Чалғимаслик керак, биродарлар.

Бизнинг йўлимиз. Исломга даъват қилиш. Одамларга ҳақ нима эканлигини, билдиришлик. Одамлар буни ўзларига ва оилаларига ва биродарларига татбиқ қилиб, жаннат томонига йўлга чиқсинлар. Бўлмасам, қабул қилмасдан, жаҳаннамга ўтин бўлишга тайёргарлик кўраверсин! Бизнинг қўлимизда, шундан бошқа ҳуқуқимиз йўқ, биродарлар.

Биз одамларни, Исломга даъват қиламиз. Хоҳлашса ҳам, хоҳлашмаса ҳам. Биз исломни яхшилигини билдик ўзимизда. Ва оиламизда кўрдик шу нарсани, шуни кўрганимиз учун, уларга ҳам, шу нарсани илинамиз. Хоҳласин одамлар бизни мақташсин. Хоҳласин озор беришсин. Биз Аллоҳнинг йўлига чақирувчи кишилармиз.

Агар Аллоҳнинг йўлини қабул қилишсалар, Аллоҳга ҳамд айтамиз. Алҳамдулиллоҳ, булар Аллоҳнинг йўлини қабул қилди, деб. Қабул қилишмасдан озор берсалар, биз сабр қиламиз. Биз одамларни, мусулмон бўлишлигини хоҳлаймиз. Ҳамма одамларни мусулмон бўлишлигини хоҳлаймиз. Одамларнинг жасадлари ва руҳлари покиза бўлишлигини хоҳлаймиз. Буни қабул қилишмасалар, биз ҳужжатни барпо қилган бўламиз. Аллоҳнинг йўлини айтдик, сизларга деймиз. Эртага улар жаҳаннамда фарёд чекаётган вақтида, сизлар бу йўлни, бизга айтмагансизлар, дея олмайдилар.

Агарки, бизнинг дадаларимиз қабул қилмасалар ҳам, эртага биз билан, дадаларимиз ўртасида меҳр кўтарилади, биродарлар. Эртага улар жаҳаннамда куяётган бўлса, Аллоҳ сақласин, бизни қалбимиз ачинмайди. Фарзандларимизга ҳам қалбимиз ачинмайди. Бизни қалбимизни Аллоҳу таоло, доимо хушнуд қилиб қўяди. Биз Машриқда яшасак, Мағрибдаги бир мусулмон билан, жаннатга кириб бирга яшасак, уни кўриб қувонадиган табиатни, Аллоҳу Субҳонаҳу ва таоло бизга беради. Бизга туҳматлар қилаётганлар ҳам, билиб қўйишсинки, биз очиқмиз. Исломга одамларни чақирамиз.

Уларнинг мусулмон бўлишлигини, орзу қиламиз. Биз уларни Исломга чақиришликдан ғаразимиз йўқ. Биз одам кўпайтиришлик учунмас. Уларни ўзимизга эргаштириб, уммат қилиб олмоқчимасмиз Биз! Биз уларни яхши кўрамиз. Уларнинг жаҳаннам ўтини бўлишларига қалбимиз ачинади. Шунинг учун, биз даъват қиламиз. Улардан бирор нарса, биз умид қилмаймиз. Улардан мукофот умид қилмаймиз. Пайғамбарлар умматларига айтган сўзни айтамиз.

قُل لاَّ أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ أَجْرًا إِنْ هُوَ إِلاَّ ذِكْرَى لِلْعَالَمِينَ

Анъом сураси 90 оят

Биз сизлардан хизмат ҳаққи, ё тўрга ўтқазишингларни, ёинки, бир молу давлат, бизга тўплаб беришларингни орзу қилмаймиз. Молу давлатингиз, ўзингизга насиб бўлсин. Агар бизда ортиқча, бўлса, бизни молу давлатимизни олинглар, деймиз, уларга. Уларни тарбия қиламиз. Қодир бўлсак, ёрдам берамиз. Қодир бўлмасак, узр айтамиз, мен қодирмасман бунга, деймиз. Бошқа нарса йўқ. Бизни агарчи, майда майда қилиб, жасадимизни поралаб юборса ҳам, биз уларни, шунча озор берса ҳам, яхши кўрамиз. Чунки, жаҳаннамга ўтин бўлиб кетаётганига чидолмаймиз деймиз, ана!

Мен сизни ҳаққа чақиришликдан мақсадим, фақат сизга ачинишлик, деймиз. Бизни масхара қилиб, наҳотки, сен жаннатга кириб, мен жаҳаннамга кираманми? деса, биз унга, сиз бизни масхара қилаяпсиз.

إِن تَسْخَرُواْ مِنَّا فَإِنَّا نَسْخَرُ مِنكُمْ كَمَا تَسْخَرُونَ

Ҳуд сураси 38 оят

Агар бугун бизни масхара қилсангиз, эртага бизга масхара навбати келиб қолади, деймиз унга. Биз шундай гапиришимиз керак. Биз, гапимизни бекитмаслигимиз керак. Ҳар бир одамга, агар мени меҳрибонлигимни билганингизда, сизни дадангиз, менинг меҳрибонлигимча меҳрибонликни, сизга қилгани йўқ эди, деймиз, мана! Қўшниларимизга ҳам шуни етказамиз. Ўзимизни ҳамма одамларимизга етказамиз. Хоҳласин бизни сўкишсин, хоҳласин уришсин! Мана шундай ўзимизни силжимас эътиқодимизда, собит бўлиб кетмоғимиз керак.

Шунинг учун, Аллоҳу Субҳонаҳу ва таоло бизга, тарихни баён қилди. Асҳобул Ухдудни баён қилди. Лаҳжа чўғга, мусулмон бўлгани учун, ташлайдиган золимлар, тарихда кўп ўтган биродарлар. Бу нарса қиёматгача такрорланишлиги мумкин?! Лекин имонли кишилар, лаҳжа чўғга, ташланаётган вақтида ҳам, имонида содиқ бўлиб қолмоқликлари керак! Чунки, улар яқин кунда, эни осмон билан ерча бўлган, жаннатга киришга тайёргарлик кўришадилар. Шунинг учун, бу йўлларида содиқ бўлмоқликлари керак.

Дунёда одамлар, мукофот олишлик учун, ўзининг ойлигини олишлик учун, ўзининг халқига қарата ўқ узаяпди, ер юзида биродарлар. Ўзининг аждодларига ўқ узаяпди. Нима учун?! Яқин кунда чириб, қуртларга ем бўладиган жасадини, тарбия қилишлик учун! Ана шундай бўлиб қолмаганимизга, Аллоҳга ҳамдлар айтмоқлигимиз керак! Агар шундай бўлиб қолганимизда, биз ҳам, жаҳаннамга ўтин бўлишлик йўлига, тушиб қолган бўлардик. Шунинг учун, барибир, ўзларининг имонларида содиқ қолмоқликлари керак.

Хоҳласин дунёда, яхши яшашсин фаровон бўлиб, хоҳласин, азоб билан яшашсин! Бу имон, бизни, ер юзини, тамоми башарийятни, коиноту ерни яратган Зотга, бизни мўътабар бўлишимизга сабаб бўладиган, ягона қимматбаҳо нарсадир. Агар шу имонда содиқ бўлмасак, Аллоҳнинг ҳузурида биз, бирор нарсамиз билан, мўътабар бўлолмаймиз! Бошқа нарсалар, шу имондан кейинги навбатда туради.

Бўлмасам, бизнинг қадди қоматимиздан чиройли кофирлар кўп, биродарлар. Бизнинг молу давлатимизга неччи минг баробар, моли давлати бор, кофирлар кўп дунёда. Ҳозирда ҳам, тарихда ҳам кўп бўлган, биродарлар. Шунинг учун, имон масъаласи, бу жиддий масъаладир. Биз одамларга зўравонлик қилмаймиз. Шу масъала сабаблик, мен гапириб қўяяпман. Биз одамларни Исломга чақирамиз. Бизни хоҳласин улар сўкишсин, хоҳласин уришсин! Такрор айтамиз, хоҳлаган азобини беришсин!

Улар бизни, бопладик буни деб ўйлашмасин! Хотиржам бўлишсин! Улар ниҳоятда бопланган одамлардир!

Ҳозир билишмасалар, яқин кунда, ҳали бошлари ёстиққа тегишлигидан илгари, нима учун мен, шу озгина ҳаётим учун, шу динимни сотувдим экана?! дейди. Динга жосуслик қилиб, зарар етказаётганлар, яқин кунда, шу қурт ейдиган жасадимга, энди бугун, шундай касалга дучор бўлдимки, суяк билан терим қолди. Бу семиртирган жасадлар, озгина вақтда, бир ойда, йўқ бўлиб кетди. Мен нима учун, шу динга зарар етказишда, жосуслик қилувдим экан, деб, минг афсуслар чекади! Боши ёстиққа тегиши насиб бўлса?

Бўлмасам, узоқ тарих ҳам, яқин тарих ҳам, шуни исботлайдики, дин билан курашган одам, албатта хор бўлган. У авлодига катта иснодлар қўйиб кетган. Мана бу нарсани билишимиз керак. Биз Аллоҳга ҳамд айтишимиз керакки, золим бўлмасдан, мазлум бўлиб қолганимизга.

Шунинг учун, ҳар бир одам, ўзининг ҳаракатида ҳикмат билан иш қилмоқлиги керакки, бирор бир зўравонлик кўчасига ўтмаслиги керак. Ўзининг исломий ахлоқини тузатмоқлиги керак. Ўзининг маслакида довдирамаслиги керак. У хурсандликда ҳам, ғамгинликда ҳам, бир хил бўлмоқлиги керак! Бу нарса биродарлар, ҳар биримизнинг қалбимиздан жилмаслиги керак.

Озгина фурсат. Умр, аксар умрлар саксонга бормасдан кетиляпди. Умримизнинг ўн беш йигирма йили, болалик билан ўтиб кетади. Яна, беш олти йили, йигитлик билан ўтиб кетади. Сафсаталар билан ўтиб кетади. Энди, ақлимиз кириб, озми кўпми Аллоҳни таниган маълум бир даврда, ўзимизни тўғрилашлик билан, Аллоҳнинг катта мукофотига сазовор бўламиз. Шунинг учун, биз бу йўлда иккилланмаслигимиз керак. Худди, тарихдаги ҳақиқий исломда барқарор бўлган кишилар, иккинланмаганга ўхшаган. Аллоҳу Субҳонаҳу ва таолодан доим қадамимизни собит қилишлигини сўрамоқлигимиз керак. Жаннат йўлига чиққан, ҳақиқий мўмин кишилар сифати шундай бўлади.

Кўпчилик Исломга қаршилик қилади. Мана маҳаллаларда кўпчилик, Исломга қаршилик қилади. Булар исломни билмайди, биродарлар. Бу қилаётган ишлари, ўзларини жаҳаннамга судраётганини билмайди. Аллоҳу Субҳонаҳу ва таоло ҳақиқатни билдирсин ўшаларга ҳам. Одамлар Исломни билмасдан, ўзининг кўп ҳаётини барбод қилишига қарамасдан, кейинги қолганини ҳам, барбод қилишга уринаётган одамлар, жуда кўп, биродарлар. Аллоҳу Субҳонаҳу ва таоло шулардан қилиб қўймасин!

Мен такрор айтаман, ҳаётдаги гўдаклик пайтида гапирган учта одам, эсинглардан чиқмасин. Битталари Исо алайҳиссалом. Битталари бировга туҳмат бўлган вақтда, шу туҳматни йўқотишлик учун гапирган гўдак. Учинчиси, бир она ўзининг гўдагини кўтариб ўтирганда, ажойиб қадди қоматлик инсон, отлар билан дабдабалик ўтган вақтда, ҳар қандай ота она ҳам, ўзининг фарзанди бахт саодатлик ва дунёси кўп бўлишини орзу қилади. Лекин, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам фарзандларининг, дунёси кўп бўлишини орзу қилмаганлар. Менинг аҳлимни ризқини, кунма кун қилгин, деганлар. Фақат, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар.

Ота она, ўзининг фарзанди бахт саодатлик ва дунёси кўп бўлсин, дейди. Она шу одамни қадди қоматини ва дабдабасини кўриб, Худоё менинг ўғлимни ҳам, шундай қилгин, деса, фарзанддан, Худоё, шунга ўхшаган қилиб қўймагин, деган товуш чиқди. Бу учунчи гапирган гўдакдир. Она ҳайрон бўлди. Шунда бир кишини ушлаб, калтак билан уриб олиб кетишаётганини кўрди. Шунда, Худоё, боламни шунга ўхшаган қилиб қўймагин, деганда, боладан, Худоё, Мени ҳам шунга ўхшаган қилгин, деган, овоз чиқди. Шу вақтнинг Пайғамбарига ваҳй келдики, мана Имоми Бухорийда, шу ҳадис бор. У аввалгиси мушрик эди. Дабдаба билан ўтиб кетган. Кейингиси, Ислом йўлида калтакланиб, ўтиб кетаётган эди. Биз ҳам биродарлар, Аллоҳ йўлида собитқадам бўлишликни, Аллоҳдан сўрамоқлигимиз керак!

Абдували қорининг 44 дарси охиридан.

4Sherzod Karimkhodja, Аҳмедов Актам и ещё 2

bottom of page