top of page

Бу саҳифада шайх Абдували қорининг  қолдирган илмий мероси, жума хутбалари, қуръон тафсирлари, ва турли мавзудаги дарслари жой олган.

Бизнинг йўлимиз! - Unknown Artist
00:00 / 00:00
23570729.jpg

Бисмиллоҳир роҳманир роҳим


Аллоҳга ҳамд ва расулига саловоту саломлар бўлсин!


Бу саҳифада Ислом динини ўзбек халқига етказишда катта хизматлар қилган ва шу даъват йўлида жонини фидо қилган (иншааллоҳ шаҳид) олим, Абдували Мирзо Ашурали ўғли қолдирган илмий мероси жамланган. Булар ҳар ҳафтанинг душанба кечасида қилинган дарслари ва 1989 йилдан то ўғирланиб йўқ бўлгунга қадар 1995 йил августигача жума ва пешин намозларида қилинган тафсирлари ўрин олган.

Маълумки, Абдували қори шу муддат мобанида, қуръони каримнинг Бошидан бошлаб, (тавба сурасидан ташқари) Иброҳим сурасигача тафсир қилган. Шунингдек, қуръоннинг охирги уч порасини ҳам тафсир қилганлар. Шунингдек, хутбалар орасида ўртадаги баъзи сураларига ҳам шарҳлар берганлар. Бу саҳифада, у кишининг қилган маърузаларини юз фоиз жамланган деган иддаодан йироқмиз. Бу ерда тақрибан 80% жамланган деб  тахмин қилишимиз мумкин.

У кишининг ва шериги Рамазон Маткаримовнинг 1995 йил 29 августда Тошкент Аэропортидан ўғирлаб йўқ қилинганига мана чорак аср бўлаяпди. (Аллоҳу Таоло уларга зулм қилганларга икки дунёда лойиқ жазо берсин) У кишининг илмий мероси ўғли Абдулқуддус томонидан китоб шаклида тўпланиб ёзила бошлаган эди. Лекин, у иш ҳам Абдулқуддусни ва онаси ва ўғли билан Саудияда авто ҳалокатга учраб вафот топгани сабабли, охирига етмай қолди. (Аллоҳ фидокор бандасини ва унинг аҳлини жаннатида жамласин) Улар адашмасам Бақара сурасининг икки жузъини чиқаришга улгуришди халос. Шундай қилиб, қори аканинг қилган аудио тафсирлари, тўла шаклда китоб бўлмасдан қолди. Энди бу иш қачон ва ким тарафидан қилинади валлоҳу аълам. Ҳозирги кунда қори аканинг маърузаларининг аудио файллари, мухлислари томонидан интернетга жойланиб, турли сайтларда аралаш қуралаш бўлиб юрибди. Ўша сайтларни аксари ишдан чиқиб, баъзи файлларни эшитиб, фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келган. Баъзи мухлислари йотубда ҳам баъзи дарсларини жамлашган. Лекин, улар ҳам тўла ва мукаммал эмас.

 

Хуллас, мен ҳам Аллоҳнинг мадади ила, шу буюк устозни ва тавҳид муаллимининг қолдирган бебаҳо меросини, турли жойлардан тўплаб, фойдаланувчилар учун манфаатли бўлсин деган, мақсадда, шу сайтга жамладим. Бу ерда Абдували қорига алоқадор, видеолар, китоблар ва мақолалар ва шеърлар бор. 

 

Бу ерга юкланган маърузаларни баъзиларини, техник жиҳатдан таҳрир қилиб, зарур ери бўлса, монтаж қилиб, қўйилди. Баъзи дарслар охирида гапирган араб меҳмонлар сўзлари ва жумада ўқилган арабча хутбалар, мавзуга доир бўлмагани учун олиб ташланди.  Улар алоҳида файл шаклида,  «Турли мавзуларда» деган, бўлимда жойлашган. Бу бўлимда бошқа маърузалар ичидан маълум бир мавзуга алоқадор қисмлари ҳам олинган, алоҳида файллар ҳам жамланган.

 

Шунингдек, баъзи дарслар охиридаги баъзи, узунроқ савол жавобларни ҳам, мавзуси бошқа бўлгани учун, алоҳида файл қилинди. Душанба дарсликлари ичидаги бошқа шахслар қилган маърузалар бу ерга киритилмади. Шунингдек, баъзи дарслар тўлиқ бўлмагани учун ҳам киритилмади. Бу ердаги  дарслар ичида, мавжуд бўлмаган ва бизгача етиб келмаган маърузалар кимдадир бўлса, бизга ҳам етказишларини илтимос қиламиз. Чунки, имкон қадар Абдували қорига тегишли, ҳар бир аудио файлни тўплаш ва сайтга жойлаб бориш мақсадимиздир. Бу киши қолдирган мерос, афсуски, ўзбек халқи томонидан ҳалигача етарлича ўрганилмади. У кишига эргашувчилар томонидан ҳам етарли ўрганилди деб айтолмаймиз. Тўғри, у киши бу хизматларни ёлғиз  Аллоҳнинг розилиги учунгина қилган эдилар. У киши ўз вазифасини ўтаб кетди. Аллоҳ уни пайғамбарлар ва сиддиқлар ва шаҳидлар жумласидан қилсин.  Яқин тарихимиздаги бошқа қатор холис уламолар ҳам зулмга учрадилар ва бадном бўлдилар. Улар мероси ҳам қадр қимматини топмади. 

 

Шунингдек, ўша даврдаги бошқа холис имомлар, Абдулаҳад қори, Муҳаммад Ражаб Махсум ака, Обид қори Назаров ва бошқалар мероси ҳам ҳали ўрганилмаган. Лекин, Обид қори Назаров мероси шогирдлари ташкил этган саҳифага жойлаштирилган. Бошқаларда эса, ҳали шундай саҳифа ҳам мавжуд эмасдир. Қолаверса, мана яқин Туркияда отиб кетилган шаҳид биродаримиз Абдуллоҳ Бухорий даъватлари ҳам, уни вафотидан тўрт йил ўтмасдан туриб, интернетдан топиш мушкул бўлиб қолди. Булар ҳаммаси дин йўлидаги холис хизмат қилган инсонлар эдилар. Абдували қори эса, буларнинг барчасининг пешқадами ва устози эди.

 

У кишининг йўқолиши муносабати билан бугунги ёшлар ҳам, у кишини кимлигини танимай қолишди. Бу инсонларнинг қилган хизматларига Аллоҳ лойиқ даражада ажру мукофотини беришини сўраймиз. Лекин, бизларнинг зиммамизда уларнинг меросини асраб авайлаш ва келажак авлодларга етказиш вазифаси бордир. Ҳозирги кунда янги янги ёшлар даъват майдонига кириб келмоқдалар. Абдували қорининг издошлари кўпаймоқда. Бугунги интернет даврида масжидда ўтирмасдан ҳам, даъват қилиш имконлари пайдо бўлди.


Диёримиздаги мусулмонларга Ислом ҳақиқатини етказишда, ва тавҳидни англатиб, халқ онгини ширкдан тозалашда шайх Абдували қорининг ўрни беқиёсдир. У киши зулмга учраб йўқ қилинди. Шу зулмга учраши мумкинлигини билсада, ҳақиқатни гапиришдан қайтмади. У кишининг журъати бизга катта ибратдир.  Менимча, исломни соф тушунтиришда, бидъату хурофотдан ҳақиқатни ажратиб олишда, ҳали бу кишидан ортиқроқ ва таъсирлироқ, балоғату фасоҳатда мукаммал  даъват қилувчи шахс, ўзбек забон даъватчилар ичида, ўша пайтларда ҳам ва бугун ҳам мавжуд эмасдир. Бу буюк инсоннинг дин учун қилган хизматлари қадрланмагани каби, унинг қолдирган мероси ҳам эътиборсизлигимиз туфайли, йўқ бўлиб кетмаслиги керак. У киши туфайли ҳидоят топганлар тарафидан бўлсада, унинг хизматлари унутилмаслиги керак. Вақтлар ўтиб, бундай олимлар қадри қимматини халқимиз ҳам тушунадиган пайтлар келади иншааллоҳ! Ўша пайтларгача, бу диний ва илмий меросни асраб боришимиз лозим. Бу саҳифа шу мақсадда  очилган кичкина бир хизматдир. Аллоҳ бу ишимизни дунё ва охиратда манфаатли қилсин. 

Саҳифанинг тепасида саҳифалар номлари ёзилган. Ўша ерга кирганлар шу саҳифага доир маълумотлар тўпламига дуч келишади. Қуръон  тафсирларини эшитиш учун Қуръон тафсири MP3 саҳифасига кириш керак. У ерда истаган суранинг тафсирини топиш мумкин бўлади.  Шунингдек, бу саҳифада Абдували қорига тегишли видеолар ва матбуотда чиққан мақолалар ва шеърлар  ҳар бири алоҳида саҳифада жамланган.  Шеърлар бўлмида каминанинг қори акага атаб ёзган,  баъзи шеърларим ҳам ўрин олган.  Душанба дарслари ҳаммаси "Дарслар" деган, алоҳида бўлимда жамланган. 

Маърузаларни эшитувчилар  ва мухлислар сайтга доир фикр мулоҳазаларини ёзиб юборишлари учун, ҳар бир саҳифада,  тагида мактуб жўнатадиган махсус хонача бор. Истовчи ўша ердан мактуб ёзиб юборишлари мумкин. Шунингдек, Абдували қорининг ҳаётига оид у кишини кўрган ва суҳбатлашган кишилар томонидан кичикроқ мақолалар юборилса ҳам махсус саҳифада чоп қилиб борилади. У кишини яқиндан таниганлардан ўзлари билган маълумотларни оммага етказишларини сўраб қоламиз. 

 

Саҳифага ташриф буюрувчи биродарлардан илтимосим шуки, бу саҳифани имкон қадар кенг тарқатишда кўмагингизни аяманглар. Бу дарсларни қанчалик кўп одамлар эшитса, демак, улуғ устозни шунча кўп эслашади. Ва у кишининг маърузаларидан  таълим олишсалар, бунинг савобидан у кишига ҳам етиб туради. Шунингдек, бу ҳам бизнинг даъват ишига қўшган, кичик ҳиссамиз бўлади. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу. 


 

Саҳифанинг асосчиси ва модератори Саҳвий.


 

22. 02. 2019

Бу сурат Абдували қорининг 7 яшарлигида олинган.

bottom of page